Эрдўғон Туркия қочқинларга Европага йўл очиб беришга мажбур бўлиши ҳақида огоҳлантирди

Туркия президенти Ражаб ТоййибЭрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 5 сентябрь куни сўзлаган нутқида, суриялик қочқинлар сақланадиган хавфсиз ҳудудлар ташкил этиш режаси амалга оширилмаса, Туркия қочқинлар учун Европа йўлини очиб беришга мажбур бўлишини билдирди.

Эрдўғон бу режани амалга ошириш учун АҚШ ва Европа Иттифоқи ёрдам кўрсатиши зарурлигини айтди.

-Биз дарвозаларни очишга мажбур бўламиз. Агар сиз бизни қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз, бу ишни амалга оширинг. Агар кўмак бермоқчи эмас бўлсангиз, унда узр! Биз шу кунгача сабр қилиб келдик, ҳозир ҳам сабр қилаяпмиз. Биз бу оғир юкни фақат бир ўзимиз кўтармоқчи эмасмиз,-деди Эрдўғон.

Айни пайтда Туркияда 3 миллиондан ортиқ суриялик қочқин яшамоқда. 2016 йилда Анқара Европа Иттифоқи билан қочқинларни Европага ўтказмаслик шартномасини имзолаган. Европа Иттифоқи миллионлаб қочқинларни таъминлаш учун Туркияга бир неча миллиард доллар ваъда қилган.

Эрдўғоннинг айтишича, шу кунгача Туркия қочқинлар учун 40 миллиард доллар сарфлади, бироқ Европа Иттифоқи молиявий кўмак кўрсатиш бўйича мажбуриятларини бажармади.