Болтон Эрон нефть танкери айни пайтда Сурияда эканини айтди

АҚШнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Эрон нефть танкери Суриянинг Тартус портига етиб борганини айтди.

Бунинг исботи сифатида сунъий йўлдошдан олинган суратни Твиттерга жойлади.

Болтонга кўра, бу ўтган ойда Гибралтардаги ҳибсдан озод этилган ва шу пайтгача АҚШ ҳокимият идоралари қидираётган кемадир.

“Кимки “Adrian Darya 1” кемаси Сурияга йўл олгани йўқ деган бўлса, гапини рад қиламиз”, деб ёзди Болтон.

Эрон бир неча ой давомида илгари “Grace 1” деб аталган супертанкер Сурияга бормаётганини айтиб келаётган эди.

Бунга қадар Гибралтар ҳокимият идоралари “Grace 1” кемасини ҳибсга олган ва у 2 миллион баррель нефтни Европа санкцияларини бузган ҳолда Сурияга олиб кетаётганини гумон қилганди. Аммо бир неча ҳафтадан сўнг уни қўйиб юборди.

Номи “Adrian Darya 1” деб ўзгартирилган кема сўнгги 2 ҳафтани “мушук-сичқон” ўйини билан ўтказди, чунки АҚШ ҳукумати вакиллари уни Эрон армиясининг “террорчилик” бўлинмасига алоқаси бор, деб ҳисоблайди ва Европа портларини унга ёрдам кўрсатмаслик ҳақида огоҳлантириб келади.

Болтон жойлаган суратда улкан кема Суриянинг Тартус портидан икки денгиз мили – 3,72 км. узоқликдаги ҳарбий-денгиз иншоотида экани акс этган. Ушбу иншоотдан Россия Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланмоқда.

“Теҳрон ўз халқидан кўра қотил Асад режимини қўллаб-қувватлашни муҳимроқ, деб билади. Биз музокара қилишимиз мумкин, бироқ Эрон ёлғон гапириш ва террорчиликни ёйишни тўхтатмагунча Теҳронга нисбатан санкциялар енгиллатилмайди”, дея қўшимча қилди Болтон.

Вашингтон билан Теҳроннинг мунозаралари АҚШ ўтган йили Эроннинг ядро дастури бўйича 2015 йилда эришилган битимдан чиқиб кетганидан сўнг боши берк кўчага кириб қолди.