UNICEF: 2018 йилда 12 мингдан ортиқ бола ҳалок ёки майиб бўлди

UNICEFнинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳи олдида 3758 та рюкзак қабр тошларига ўхшатиб териб қўйилди.

БМТ Болалар жамғармаси - UNICEF 8 сентябрь куни ҳар йили қанча бола можаролар туфайли ҳалок бўлишини эслатиш учун Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳи олдида 3758 та рюкзакни қабр тошларига ўхшатиб қатор қилиб терди.

UNICEFнинг жаҳон бўйлаб болалар аҳволи бўйича навбатдаги йиллик ҳисоботида ўтган йилда 12 мингдан ортиқ бола конфликт содир бўлаётган ҳудудларда ҳалок ёки майиб бўлгани эътироф этилган. Бу БМТ қайдлари бошланганидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

UNICEF директори Хенриетта Фор:

- Рюкзаклар доим болалар учун умид ва имкониятлар рамзи бўлиб келган. Икки ҳафтадан сўнг БМТ Бош Ассамблеясида тўпланадиган жаҳон етакчилари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллигини нишонлайдилар, - деди.

10 сентябргача турадиган инсталляциядан мақсад жаҳон етакчиларига болалар билан боғлиқ ҳозиирги вазиятни эслатишдир.

UNICEF маълумотларига кўра, жаҳон бўйлаб тўрт боланинг биттаси конфликт ёки табиий офат қаърида қолган давлатда яшайди.

“2018 йилнинг июли бошига қадар 31 миллионга яқин ёш бола зўравонлик ёки можаро туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг орасида 13 миллион бола қочқин ҳамда 17 миллиондан ошиқ ўз мамлакати ичида қочишга мажбур бўлган бола бор”, дейилади агентлик ҳисоботида.