Санитария-эпидемилогия назорати тугатилди, ўрнига иккита ташкилот тузилди

Иллюстратив сурат.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати самарасиз фаолияти ортидан тугатилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда қайд этилди.

“Битта давлат органи доирасида бир вақтнинг ўзида давлат санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш функцияларининг ушбу соҳада рухсат бериш ва назорат функциялари билан бирга амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар юзага келишига олиб келди”, дейилади фармонда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати тугатилиб, унинг негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди.

Давлат инспекциясининг асосий вазифаларидан бири санитария-эпидемиология назорати соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлашдан иборат.

Янги ташкил этилаётган Агентлик эса, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боради.

Фармонга кўра, Давлат инспекцияси бошлиғи бир вақтнинг ўзида Бош давлат санитария инспектори, Агентлик директори эса бир вақтнинг ўзида Бош давлат санитария врачи ҳисобланади.

Шунингдек, Давлат инспекцияси ва Агентлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан бюджетдан ташқари моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди.