Хитой АҚШ давлат котибининг уйғурлар ҳақидаги нутқига норозилик билдирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқлари бузилаётганига оид нутқ сўзлаганига норозилик билдирди.

-Биз кўп маротаба такрорлаганмизки, Шинжондаги вазият Хитойнинг ички ишидир ва бошқа давлатлар унга аралашиш ҳуқуқига эга эмас. Асосий мақсадимиз террорчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолганларни қутқариб қолишдир, уларга хавфли экстремистик ғоялардан воз кечишга кўмак кўрсатишдир,- деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чунин 9 сентябрь куни.

Майк Помпео 6 сентябрь куни Канзас штатидаги Манхэттен университетида сўзлаган нутқида Хитойдаги мусулмонлар ҳуқуқлари топталаётганига эътибор қаратган эди.

Помпео сўнгги икки йил ичида Хитойда 1 миллиондан кўпроқ уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар қайта тарбиялаш лагерларида сақланаётганини таъкидлаб, бу ҳолатни “мусулмонларни ўз маданияти ва эътиқодидан воз кечтиришга ҳаракат қилиш”, деб баҳолаган.