Фаластин маъмурияти Нетаньяҳу режасини "ҳарбий жиноят" деб атади

Фаластиннинг бош музокарачиси Саёб Эрекат.

Фаластин бош музокарачиси Саёб Эрекат Исроилнинг босиб олинган Ғарбий соҳилни аннексия қилиш режасини ҳарбий жиноят деб атади.

- Исроил Бош вазирининг Иордан дарёси соҳилини аннексия қилиш мақсадида ўз халқидан мандат сўрагани ҳарбий жиноятнинг энг биринчи даражали белгисидир. Босиб олинган ҳудудларнинг аннексия қилиниши бу ҳарбий жиноятдир,-деди Эрекат.

Эрекат бу масала БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида муҳокама қилиниши айтиб, халқаро ҳамжамиятни муаммога бефарқ қарамасликка чақирди.

Бош вазир Бинямин Нетаньяҳу 10 сентябрда ўз тарафдорлари билан учрашув пайтида бир ҳафтадан кейин ўтадиган сайловда ғалаба қозонса, Иордания билан чегарадош ҳудудда босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилишга ваъда берган эди.

Исроил Ғарбий соҳилини Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ва Ғазо минтақаси билан биргаликда 1967 йилнинг июнидаги олти кунлик уруш мобайнида босиб олган эди.

Исроил 1980 йилда Шарқий Қуддус аннексиясини юридик жиҳатдан расмийлаштирган. Бир йилдан сўнг расман Ғўлон тепаликлари аннексия қилинган. Халқаро ҳамжамият Исроил аннексиясини тан олган эмас.

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ Уйнинг Яқин Шарққа нисбатан аввалги сиёсатидан воз кечиб, Шарқий Қуддус ва Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган.