Беларусда мактабга пичоқ билан ҳужум қилган ўсмир 13 йилга қамалди

Қотилликда айбланаётган ўсмир.

Беларуснинг Ступци шаҳрида мактабда синфдошлари ва ўқитувчиларга пичоқ билан ҳужум қилган ўсмир 11 сентябрь куни суд ҳукми билан 13 йилга қамалди.

Матбуотда Вадим деб аталаётган ўсмир бундан ташқари ҳалок бўлганларнинг оилаларига 110 минг беларусь рубли, яъни 53 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули ҳам тўлаб бериши лозим.

Ступци шаҳридаги 2-сонли мактабнинг 15 ёшли ўқувчиси бўлган Вадим шу йилнинг 11 февралида дарс пайтида ўқитувчи ва синфдошларига пичоқ билан ҳужум қилган эди. У 53 ёшли тарих ўқитувчисини ва 17 ёшли мактабдошини ўлдирган. У яна икки нафар ўқувчини яралаганди.

Беларусда бундай воқеа биринчи марта содир бўлди. Суд ўсмир безорилик қилиш истагида мана шундай ишга қўл урган, деб ҳисобламоқда. Судда судланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлди.