Исроил Эронга нисбатан эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлишни истайди

Россия президенти Владимир Путин ва Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу Сочида учрашди.

Исроил Эронга нисбатан эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлишни истайди. Бу ҳақда 12 сентябрь куни Сочида Россия президенти Владимир Путин билан учрашган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу маълум қилди.

Учрашувда Суриядаги вазият ва хавфсизликни таъминлаш масаласини мувофиқлаштириш муаммолари муҳокама қилинди.

Исроил бир неча маротаба Суриядаги Эрон ҳарбий кучларига ҳужум қилган. Бундан мақсад Эроннинг Суриядаги ҳозирлигига қаршилик кўрсатиш экани айтилган. Исроил Эронни ўз хавфсизлиги учун таҳдид солувчи мамлакат қаторида кўради.

Бинямин Нетаньяҳу Исроил-Россия алоқаларига тўхталар экан:

-Мен икки томонлама муносабатларимизнинг ривожланиб бораётгани иккита асосий омилга боғлиқ деб ҳисоблайман. Биринчиси, ҳар икки томоннинг баланслашган сиёсат олиб бораётганидир, иккинчидан эса, ўзаро шахсий муносабатларимиз. Бу муносабатлар ҳарбийларимизнинг ўзаро кераксиз бўлган жанжалларининг олдини олди ва масъулият билан айта оламанки, бу минтақа хавфсизлиги учун муҳим омиллардан биридир, - деб айтди.