Вашингтон Саудия нефть заводларига қилинган дрон ҳужумларида Эронни айблади

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайди.

АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумлар” бошлади, деб таъкидлади.

Республикачи сенатор Линдси Грэм Эрон “провокацияларни давом эттирса” ёки уранни бойитишни тўхтатмаса, Эрон нефть заводларига ҳужум қилиш ҳақида ўйлаш вақти келганини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аббос Мусавий эса ҳужумларга Эроннинг алоқаси йўқлигини айтган. Мусавий ушбу ҳолат юзасидан баённома эълон қилиб, унда мазкур айбловлар Эронга қарши бўлғуси ҳужумларга баҳона бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Саудия Арабистони шарқида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа Ҳути исёнчилари ўз бўйнига олди.

Хабарларга кўра, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган.