Инсон ҳуқуқлари гуруҳи: Донбассдаги мактабларда украин тили йўқ қилинмоқда

Украина шарқида россияпараст айирмачилар бошқарувида бўлган ҳудудлардаги мактабларда украин тилини ўқитиш деярли йўқ қилинган.

Бу ҳақда Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи билдирди.

Донецклик журналист Дмитро Дурнев ҳисоботига таянган ҳолда гуруҳ украин тилини ўқитиш 2014-2016 йилларда кескин қисқартирилгани ёки бутунлай йўқ қилинганини хабар қилди.

“Бу ошкора руслаштириш дастури”, дейилади гуруҳ баёнотида.

Россия Украинадан аннексия қилиб олган Қрим яриморолида ҳам айни ҳолат кузатилмоқда. Қримда 2014 йилдан бери украин тилидаги жами 7 мактаб ёпилган. Шунингдек, Кремль бошқарувидаги расмийлар қримтатар тилида таҳсил бериладиган мактаблар сонини ҳам кескин озайтирган.

Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳига кўра, Донбасснинг Киев бошқарувида бўлмаган ҳудудларида ўқувчилар ҳафтасига бир соат украин тилини ўрганади. Рус тили учун эса беш ёки олти соат ажратилган, бошқа фанлар ҳам рус тилида ўқитилади.

Кремль дастаклаб келаётган маҳаллий расмийлар бу ўзгаришларга маҳаллий аҳоли талаблари сабаб бўлганини айтиб келади.