Ҳонконгда норозилар намойишга АҚШ ва Британия байроқларини кўтариб чиқди

Ҳонконгда 15 сентябрда намойишга чиққанлар.

Ҳонконгда 15 сентябрь куни норозилар ва полиция ўртасида навбатдаги тўқнашув содир этилди. Полиция ҳукумат биноси олдига йиғилган норозилар «Молотов коктейл»лари отганига жавобан кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллашга мажбур бўлди.

Полиция тақиқига қарамай, минглаб одамлар Ҳонконг марказида АҚШ ва Британия байроқларини кўтариб намойишга чиқди. Улар Ҳонгконг ҳукуматидан демократик ислоҳотларни ўтказишни талаб қилдилар.

Норозилар Британия элчихонаси олдида «Худо, қироличани ўз паноҳингда асра» қўшиғини ижро этдилар. Юзлаб норозилар ҳукумат идораларини тошбўрон қилдилар.

Ҳозирча жабрланганлар ва қўлга олинганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Ҳонконгда намойишлар 14 ҳафта аввал жиноят қилганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошлангани ортидан бошланиб кетган эди.

Миллионлаб одамлар намойишга чиқиши оқибатида Ҳонконг маъмурияти қонун муҳокамасини тўхтатган. Бироқ норозилик намойишлари тўхтамади. Эндиликда норозилар Хитойдан Ҳонконгга кўпроқ эркинликлар ва демократия берилишини талаб қилмоқда.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.