АҚШ давлат котибининг сафари арафасида Саудия Форс кўрфазини ҳимоя қилувчи коалицияга қўшилди

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайган эди.

Саудия Арабистони Форс кўрфази орқали қатнайдиган кемалар хавфсизлигини таъминлайдиган АҚШ етакчилигидаги коалицияга қўшилганини эълон қилди.

Эр-Риёд бундай қарорга 14 сентябрь куни икки нефть заводига дрондан қилинган ҳужум ортидан ва АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Саудияга сафари арафасида келди.

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайган эди.

АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берган.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумлар” бошлади, деганди.

Саудия Арабистони шарқида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа Ҳути исёнчилари ўз зиммасига олди.

Хабарларга кўра, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган.

АҚШ давлат департаментининг хабар қилишича, Майк Помпео чоршанба куни Жидда шаҳрида Саудия шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашиб, нефть заводларига қилинган ҳужумни ҳамда Эроннинг минтақадаги агрессиясига қарши туриш масаласини муҳокама қилади.