"Путинни ағдариш" учун Ёқутистондан пиёда йўлга чиққан шомон қўлга олиниб, руҳий шифохонага ётқизилди

Путинни ағдариш учун йўлга чиққан шомон Александр Габишев (ўнгдан иккинчи)

Россия президенти Владимир Путинни “Кремлдан ағдариш” учун пиёда йўлга чиққан ёқутистонлик шомон Александр Габишев руҳий касаллар шифохонасида эканлиги маълум бўлди.

20 сентябрь куни Ёқутистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Габишевнинг руҳий ҳолатига профессионал шифокорлар баҳо беришини ҳамда унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилишини айтди.

Бу орада Бурятия Ички ишлар вазирлиги Габишев жиноят учун Ёқутистонда қидирувга берилганини, шу сабаб қўлга олинганини маълум қилди. Лекин Габишевнинг жинояти нимада эканлиги очиқланмади.

Габишев тарафдорлари расмийларнинг бу билдирувларини шубҳа остига олмоқда. Улар Габишев бир неча ой давомида Сибирь бўйлаб пиёда йўл юрганини айтиб, агар Ёқутистон расмийлари чиндан уни қўлга олишни истаганида, шомон аввалроқ ҳибсга олинган бўларди, дейишмоқда.

Габишев тарафдорларидан бири унинг Москвага сафарига қўшилган ҳамкорлари йўл юришда давом этишларини айтди. Гуруҳ ҳозир Иркутск ва Бурятия чегарасига етиб қолган. Ўша ерда маска кийган полиция ходимлари Габишевни қўлга олган.

Amnesty International ташкилоти Габишевнинг қўлга олингани Россияда инсон ҳуқуқлари поймол қилинишининг навбатдаги мисоли эканлигини айтиб, расмийлар ҳаракатларини қоралади.