Эрон президенти БМТга минтақа хавфсизлиги режасини тақдим этишни ваъда қилди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, Теҳрон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига “минтақадаги бошқа мамлакатлар ёрдамида” Форс кўрфазида хавфсизликни таъминлаш режасини тақдими этажагини маълум қилди.

Президент 22 сентябрда мамлакат телевидениеси орқали шу масалада чиқиш қилди.

Унинг айтишича, минтақа ва унинг нефть саноати хавфсизлигига ташқи кучлар хавф солмоқда.

Ташқи кучлар халқимиз ва минтақамиз учун муаммо ва хавф туғдириши мумкин, ‒ деди у Эроннинг 81 миллионлик аҳолисига қарата.

Президент Эрон ўз чегараларини кимдир бузишига қараб турмаслиги ҳамда минтақадаги ҳамкорлик сари “дўстлик ва биродарлик қўли”ни чўзаётганини айтди.

Яқин Шарқдаги вазият Саудия Арабистонининг нефть иншоотларига ҳужум уюштирилгандан сўнг кескинлашиб кетди. Вашингтон билан Риёд бунинг учун Эронни, шунингдек, Яманда давом этаётган урушни ва Сурияни айблади.

АҚШ стратегик аҳамиятга эга Ҳормуз бўғозида кемалар эркин қатновини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Президент Доналд Трамп 20 сентябрь куни, Саудия Арабистонининг стратегик аҳамиятга эга нефтни қайта ишлаш заводига 14 сентябрда ҳужум уюштирилгандан сўнг, АҚШнинг ушбу мамлакат ва Бирлашган Араб Амирликларидаги қўшинларини “ўрта” даражада кучайтиришга буйруқ берди.

Руҳоний эса 22 сентябрдаги маърузасида чет давлатлар кўрфаздан “узоқроқ туриши” кераклиги, уларнинг бу ерда бўлиши минтақани “қуролланиш пойгаси ҳудуди”га айлантириши мумкинлигини айтди.