ШҲТ саммити ўтказиладиган Самарқандни ободонлаштириш учун 25 миллион доллар қарз берилди

Самарқандда бўлаëтган янги қурилишлар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш ва янги қурилишларни амалга ошириш учун 25 миллион доллар ажратилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, 25 миллион доллар Ўзбекистон Тикланиш ва Тараққиёт жамғармаси томонидан Самарқанд вилоят ҳокимиятига 5 йил муддатга 2 йил имтиёзли даврни инобатга олган ҳолда 2 фоиз йиллик ставка билан қарзга берилади.

Қарорда айтилишича, мазкур маблағ ҳисобидан давлат ва жамоатчилик эҳтиёжи учун ери олинадиган фуқаролар ва ташкилотларга товон пули ҳам тўланади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити Самарқандда 2022 йилда ўтказилади. Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо давлатлардир. Афғонистон, Беларус, Эрон ва Монголия ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга.

Ўтган йилнинг июнь ойида Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби лавозимига тайинланган эди.