Покистонда автобус ҳалокатга учраб, камида 26 одам ўлди

Иллюстратив сурат.

Покистоннинг Гилгит-Балтистон вилоятида автобус аварияга учрагани оқибатида камида 26 одам ҳалок бўлди, 12 одам жароҳатланди.

Озодлик радиоси Покистон хизматининг билдиришича, ҳайдовчи автобус бошқарувини йўқотгани оқибатида авария содир бўлган. Айрим хабарларда автобуснинг тормози ишламагани, бошқа хабарларда эса ҳайдовчи ухлаб қолгани айтилмоқда.

Гилгит-Балтистон тор йўлларга эга бўлган тоғли ҳудуд ҳисобланади. Бу йўллардан фақат май ойидан октябргача фойдаланиш мумкин. Қолган пайтда бу йўллар қор билан қопланган бўлади.

Покистонда автоҳалокатлар тез-тез содир бўлиб туради. Бунга мамлакатдаги йўлларнинг ўта ёмонлиги сабаб қилиб кўрсатилади.