Британия: Саудия нефть конига ҳужумлар учун Эрон масъул

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Британия 14 сентябрь куни Саудия Арабистони нефть конларига қилинган ҳужум ортида Эрон турган, деган хулосага келганини, эндиликда Лондон АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалицияга қўшилиш масаласини кўриб чиқаётганини айтди.

БМТ Бош ассамблеяси анжуманига йўл олган Жонсон Британия Яқин Шарқдаги танглик кескинлашиши олдини олиш учун ҳамкор давлатлар билан бирга иш тутишини қўшича қилди.

Жонсоннинг сўзларига кўра, Эрон Саудия нефть конларига ракета ва дронлар билан қилинган ҳужум учун масъул эканлиги эҳтимоли жуда юқоридир.

АҚШ ҳамда Саудия расмийлари ҳам нефть конларига қилинган ҳужумларда Эронни айбламоқда. Натижада минтақадаги танглик кескин тус ола бошлади. Бу орада Ҳормуз бўғозида кемалар эркин ҳаракатланиши ва хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШ етакчилигида бир неча давлат ҳарбий коалиция туза бошлади.

Хабарларга кўра, 20 сентябрь куни Трамп АҚШнинг Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳарбий қўшинлари сонини ушбу мамлакатлар илтимосига биноан оширишга рухсат берган.

Эрон тарафи эса бу айбловларни рад этиб, Эронга қилинган ҳар қандай ҳужум тўлақонли урушга сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқда.