Афғонистоннинг Ҳелмандида Толибонга қарши амалиёт давомида 35 оддий фуқаро ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида мамлакат ҳарбийлари амалга оширган амалиёт давомида камида 35 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлгани, 13 одам эса жароҳатлангани хабар қилинди.

22 сентябрь оқшомида Афғонистон махсус кучлари Толибон худкуш ҳужумчиларни тайёрлаётгани айтилган уйга ҳужум қилган. Ҳужум давомида нишонга олинган уй яқинида тўй маросимида қатнашаётганларга ҳам ўқ теккан.

Ҳелманд вилояти кенгаши аъзоси Отауллоҳ Афғон:

- 35 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлди, 13 одам жароҳат олди. Улар Муса Қалъа туманининг Хоксор ҳудудида нишонга олинган уй яқинида тўй маросимида қатнашаётган бўлган, - деди.

Кенгашнинг яна бир аъзоси Абдул Мажид Охундзода эса 40 нафар оддий фуқаро ҳалок бўлганини айтди.

АҚШ ҳарбийлари амалиёт давомида 22 нафар Толибон жангариси йўқ қилинганини маълум қилди.

Ҳелманд вилояти губернатори матбуот котиби Умар Звак эса амалиёт давомида 14 жангари, жумладан, 6 нафар хорижлик жангари ўлдирилганини билдирди.

Звак оддий фуқаролар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан тергов бошланганини қўшимча қилди.