Британия, Франция ва Германия Саудия нефть конларига Эрон ҳужум қилганига ишонилишини билдирди

14 сентябрда қилинган ҳужум оқибати.

Британия, Франция ва Германия Саудия нефть конларига Эрон ҳужум қилгани тўғрисидаги АҚШ айбловларини қўллаб-қувватлади. Мазкур уч давлат раҳбарлари Эронни фитналарга берилмаган ҳолда, вазиятни мулоқот йўли билан изга солишга чақирди.

“Биз учун ўта аниқ нарса шуки, нефть объектларига қилинган дрон ҳужумлари учун Эрон масъулдир. Бу борада ақл бовар қиладиган бошқача фикр мавжуд эмас”, дейилади 23 сентябрда Британия Бош вазири Борис Жонсон, Франция президенти Эммануил Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель имзолаган қўшма баёнотда.

Улар бу баёнотни БМТнинг йиллик анъанавий жаҳон давлатлари лидерлари йиғилиши доирасида билдирдилар.

Европа давлатлари раҳбарлари Эронни Яқин Шарқдаги вазиятнги кескинлаштирмасликка ва “фитналар ҳамда зўравонликлардан тийилиш”га чақирдилар.

14 сентябрь куни амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Ямандаги ҳути исёнчилар ўз бўйнига олди. Уларни Эрон дастаклаб келади. Теҳрон бу ҳужумларга алоқадорлиги тўғрисидаги хабарларни рад этмоқда.