БМТ Бош котиби: Жаҳон икки қутбга бўлиниб кетиш арафасида турибди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш 24 сентябрь куни Бош Ассамблеяда сўзлаган нутқида жаҳон икки қутбга бўлиниб кетиш арафасида тургани, АҚШ ва Хитой “бир-бири билан рақобатда бўлган иккита алоҳида оламни” ташкил этиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

“Биз бу буюк бўлинишнинг олдини олиш учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга солишимиз, универсал системани, халқаро ҳуқуқни универсал ҳурмат қилган тарзда универсал иқтисодиётни, кўп қиррали институтларга эга бўлган кўп қиррали дунёни сақлаб қолишимиз зарур”, деди Гутерриш.

БМТ Бош котиби давлатлар раҳбарларига дунё иқлим ўзгариши, террорчиликнинг кенг тарқалиши ҳамда Форс кўрфазида тўқнашув юз бериши эҳтимоли арафасида турганини ҳам эслатиб ўтди.

Саудия Арабистони нефть конларига 14 сентябрда қилинган ҳужумга баҳо берар экан, Гутерриш бу ҳужумларни қоралади ва томонларни Яқин Шарқдаги вазиятни кескинлаштирмаслик учун босиқ бўлишга чақирди.