БМТ маърузачиси Ўзбекистон суд тизимида жиддий муаммолар бор эканини айтди

БМТ махсус маърузачиси Абдулазиз Комилов билан.

БМТнинг суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 25 сентябрда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонга ташрифининг дастлабки хулосаларини эълон қилди.

Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонда суд мустақиллиги юзасидан жиддий қийинчиликлар ва муаммолар бор эканини билдирди. Унга кўра, суд мустақиллигига энг биринчи жиддий тўсиқ коррупция бўлмоқда.

Махсус маърузачининг фикрича, бу каби тўсиқларни бартараф этиш учун ҳукумат ислоҳотлар жараёнини тезлатиши, “суд ҳокимиятининг мустақиллигига эришиш ҳаракатларига таҳдид солаётган амалиётга чек қўйиши” лозим.

Бундан ташқари Диего Гарсия-Саян: “Ўзбекистон жазосизликка қарши курашиш учун керакли тергов ва суд процедураларини жорий этиши лозим”, деб ҳисоблайди.

Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга ташрифи юзасидан якуний ҳисоботни 2020 йилнинг июнида Женевада ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишида тақдим этади.

19 сентябрь куни Тошкентга келган Диего Гарсия-Саян дастлаб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди. 25 сентябрда уни президент Шавкат Мирзиёев қабул қилди.

Диего Гарсия-Саян 25 сентябргача суд, прокуратура, адлия ва фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашувлар ўтказди.