Халқ таълими вазирлиги фаол ота-оналарни бошқаларга босим кўрсатмасликка чақирди

Иллюстратив сурат.

Халқ таълими вазирлиги Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида фаол ота-оналарни ўқитувчига совға учун пул бериш имконияти бўлмаган бошқа ота-оналарга босим кўрсатмасликка чақирди.

Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни 1 октябрда нишонланади. Вазирликнинг билдиришича, шу муносабат билан ўқитувчиларни табриклаш мақсадида пул йиғилаётгани айрим ота-оналар норозилигига сабаб бўлмоқда.

“Халқ таълими вазирлиги 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрамида фарзандларига билим ва тарбия бераётган ўқитувчиларни ўз истак, имкониятларидан келиб чиқиб, табриклаётган ота-оналарга ўз миннатдорчилигини билдиради. Лекин ўқитувчиларни табриклаш натижасида ота-оналар норозилиги келиб чиқиши керак эмас. Агарда кимнинг имконияти бўлмаса, бошқа фаол ота-оналар томонидан мажбурлаш ёки улар номидан умумий совға қилиш баҳонасида мажбурий пул йиғиш нотўғри”, дейилади вазирлик баёнотида.

Халқ таълими вазирлиги юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ота-оналар норозилиги билан ундириладиган барча йиғим турларига чек қўйиш кераклигини эслатиб ўтди.