Ахборот олиш эркинлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

“Ахборот олиш эркинлиги ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳа 28 сентябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Қайд этилишича, янги лойиҳа бунга қадар қабул қилинган бир неча қонунни бирлаштирган. Булар:

- 2014 йил 5 майда қабул қилинган ЎРҚ-369-сонли “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун;

- 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган 400-I- сонли “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонун;

- 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган 439-II- сонли “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлардир.

Ушбу қонун ахборот олиш эркинлиги, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш учун татбиқ этилиши айтилган.

"Ҳар бир фуқарога ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланади. Ахборот очиқ ва ошкора, ишончли ҳамда ҳамма фойдаланиши мумкин бўлиши керак, махфий ахборот бундан мустасно", дейилади лойиҳада.

Шунингдек, Ўзбекистонда цензура ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Айни пайтда, ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқни чеклаш ҳоллари ҳам назарда тутилган: "фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, конституциявий тузум асосларини, жамиятнинг ахлоқий қадриятларини, маънавий, маданий ва илмий салоҳиятни ҳимоя қилиш, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, унинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида чекланиши мумкин".

Янги қонун лойиҳаси муҳокамаси 14 октябргача давом этади.