Тошкент ИИББ ходимлари тест режимида бодикамера билан ишлашни бошлади

Тошкент шаҳар ИИББ ходими бодикамера билан ишламоқда, 28 сентябрь, 2019 йил

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) 50 ходими 19 сентябридан тест тартибида бодикамера билан ишлашни бошлади.

ИИББ расмий сайтида берилган хабарга кўра, 32 нафар йўл-патрул хизмати инспектори ва 18 та патруль-пост хизмати ходими Тошкентда камера билан юрибди.

Ички ишлар органлари ходимларидан хизмат олиб бориш давомида бодикамералардан фойдаланиш 2020 йилнинг бошидан талаб этилиши маълум қилинган.

Кейинчалик Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг барча бўлинмалари, улар қаторида қўлга олинган, ҳибсга олинган ва айбланган шахсларни, шунингдек, маъмурий қамоқ қўлланилган шахсларни конвойлаш ва этаплаш билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятида ҳам бодикамералардан фойдаланиш йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Бодикамеранинг жорий этилиши - ИИВ ходимларининг аҳолидан пора олишини камайтириш, ҳибсга олиш ва бошқа ҳолларда қонунни бузишини тўхтатишига умид қилинмоқда.

Айни пайтда, ИИББ бодикамералар ҳақида аҳоли билиши керак бўлган маълумотларни ҳам эълон қилди.

Қуйида ушбу маълумот билан қисқача танишишингиз мумкин:

“Бодикамера” мосламаси аудио- ва видеоконтентни (FullHD форматида) ёзиш ва марказлашмаган тарзда сақлаш, кейинчалик кўриб чиқиш, фавқулодда вазиятларда марказлашган диспетчерлик хизматига “хавотир” сигналини етказиш, реал вақт режимида мобиль гуруҳларнинг жойлашувлари ва фаолиятларинин масофадан туриб мониторинг қилиш имкониятини берувчи мосламадир.

Бодикамера мосламаси инфрақизил ёритиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, ушбу қурилма тунги вақтда ҳам ўн метрлик масофани ёритиб, видеога олиб бориш имкониятини беради.

Ходимда контентни ёзилиш жараёнига аралашиш, уни таҳрир қилиш ва ўчириш имконияти йўқ: камера, ходим уни қабул қилиш вақтидан бошлаб, қайтариб топширгунга қадар видеога олиб боради. Мослама корпуси очилмаслиги учун махсус ҳимоя билан жиҳозланган.

Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги МОНИТОРИНГ МАРКАЗИ видеоёзувларни бир ой давомида сақлайди.

Марказ операторида мосламага масофадан туриб боғланиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.

Мониторинг марказидаги махсус электрон картада ҳар бир ходимнинг айни вақтда жойлашган манзили, ҳамда ушбу манзилнинг патруллаш йўналишига мувофиқлиги акс этади.

Бундан ташқари, шу ерда фавқулодда вазиятлар ҳолатларида ҳаракатлар координацияси амалга оширилади: мониторинг марказига автоматик тарзда гео-, аудио- ва видеомаълумотлар ёпиқ (ҳимояланган) алоқа каналлари орқали етказилиб турилади.