Афғонистон президентлигига сайловда 2014 йилдагидан уч баробар кам одам иштирок этди

Афғонистондаги президентлик сайлови пайтида олинган сурат.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси аъзоси 28 сентябрдаги президентлик сайловида, норасмий маълумотлар бўйича, 2 миллиондан кўпроқ одам иштирок этганини билдирди.

Бу рақам аввалги президентлик сайловида иштирок этганлар кўрсаткичидан бир неча баробарга оздир. 2014 йилдаги президентлик сайловида 7 миллион одам овоз берган эди.

Жорий сайловда аёллар иштироки ҳам жуда кам бўлгани айтилмоқда. Сайловда камида 9 миллион сайловчи иштирок этиши умид қилинаётган эди.

29 сентябрь тонгида сайлов комиссияси 1 миллион 100 минг овоз санаб бўлинганини айтди. Сайлов куни Толибон жангарилари қатор ҳужумларни амалга оширди.

-Бугунги жангларда икки нафар полициячи ҳалок бўлди. Бир полициячи, икки нафар ҳарбий ва 37 нафар маҳаллий аҳоли яраланди,-деб билдирди Ички ишлар вазири Маъсуд Андараби.

Сайлов куни Афғонистондаги 4905та сайлов участкасидан 500таси жангарилар ҳужуми таҳдиди мавжудлиги сабабли ёпиб қўйилди.