Вилоят ҳокимлиги: Шуҳрат Ғаниев бундан буён мулоқот маданиятига қатъий риоя этади

Шуҳрат Ғаниев

Хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги билдирилган фикр – мулоҳазаларни Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев, ҳокимлик мутасаддилари ўрганиб, тегишли хулосалар чиқардилар.Бундан буён муҳокама қилинаётган ҳар қандай масала бўлмасин унинг қонуний моҳиятига ва мулоқот маданиятига қатъий риоя этилади.

Бу ҳақда Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати баёнот берди.

Озодлик вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев олиб боргани айтилган йиғилиш аудиоси ҳақида 29 сентябрь куни хабар қилган эди.

Мажлисда вилоят ҳокими Фарғонада "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўришни буюрган.

"Давлат, давлат хизматчилари дин ниқобидаги айрим ноқонуний хатти ҳаракатларга бефарқ қараб туролмайди. Шу йилнинг ўзида бир гуруҳ тарғиботчиларнинг “фаолияти” туфайли бир қанча фуқаролар Сурияга йўл олаётган чоғи қайтарилди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, тарғиботчилар диний аҳкомларни пеш қилиб, уларни дастлаб соқол қўйишга ундаганлар. Аҳли аёлларини эса ҳижобга киришга мажбурлаганлар. Улар Сурия жанггоҳларидан нимани кўзлаганди? Бу ерда ёлғиз қолган фарзандлари келгусида қайси йўлни танлар эди?

Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев навбатдаги йиғилишда асосий мавзудан чекиниб, аслида маъносига етмай туриб беўхшов соқол қўйиш, ҳижобга кириш, ташқи қиёфани ўзгартириш муқаддас динимизнинг ҳақиқий талабларини акс эттирмаслигидан куюниб гапирганида баъзи бир қўпол ибораларни ҳам ишлатган", дейилган Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати баёнотида.

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг кенг омма орасида салбий эътирозларга сабаб бўлаётган хатти-ҳаракатлари Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида муҳокама қилинишини билдирди.