Петербургда депутатлар Путиннинг портретларидан воз кечишди

Академик Андрей Сахаров.

Санкт-Петербург шаҳар Литейний тумани кенгаши депутатлари сайловдан сўнг ўтказилган биринчи йиғилишларида мажлислар залида айни пайтда тирик бўлган сиёсий раҳбарлар портретларини жойлаштиришдан бош тортишди.

Депутатлар қарори бу ерда президент Владимир Путин портрети бўлмаслигини англатади.

Депутатлар бир овоздан мажлислар залига “Озодлик, инсон ҳақлари ва эркинлари учун курашганлар ҳурмати учун” академик Андрей Сахаров портретини жойлаштиришга қарор қилдилар.

Литейний тумани кенгашидаги асосий ўринларни “Яблоко” партияси вакиллари эгаллаган. Мазкур йиғилишда Путин етакчилигидаги “Ягона Россия” партияси вакиллари иштирок этмади. Улар сайловда оз овоз олиб, кенгашдаги ҳукмронликни қўлдан бой берди.