Human Rights Watch Азаттиқ радиоси ходими калтакланганидан ташвиш билдирди

Азаттиқ тасвирчиси Айбек Кулчуманов.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти Озодлик радиоси қирғиз хизмати – Азаттиқ тасвирчиси Айбек Кулчуманов билан боғлиқ вазият юзасидан ташвиш билдирди.

Ташкилот 28 сентябрда Ўш шаҳрида журналистни калтаклаганлар аниқланиб, жавобгарликка тортилишидан умидвор эканини маълум қилди.

-Биз журналистларга қарши қаратилган ҳар қандай ҳужумларни қоралаймиз. Журналистлар ўз касбий фаолияти давомида ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмасликлари лозим. Давлатда журналист хавфсизлиги муҳим. Сабаби, сўз эркинлиги демократик жамиятнинг пойдеворидир,- деди Human Rights Watch халқаро ташкилоти тадқиқотчиси Лора Миллс Азаттиқ радиосига берган интервьюсида.

Азаттиқ тасвирчиси Айбек Кулчумановнинг Ўш шаҳрида калтаклангани ва унинг иш қуроллари бўлган техник воситалар тортиб олингани қирғиз жамоатчилигида катта норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Мазкур воқеа юзасидан Ўш шаҳар милицияси “Гуруҳ бўлиб одам талаш, қароқчилик” айблови билан жиноят иши очди.

28 сентябрь куни Азаттиқ радиоси Бишкек бюроси ходими бўлган Айбек Кулчуманов Ўш шаҳрида тасвирга олиш ишларини олиб бораётганида унга номаълум шахслар ҳужум қилган.

Улар «Райимбек Матраимовнинг уйини суратга олишга сенга ким буйруқ берди, айт», деган талаб билан тасвирчини калтаклашган. Шундан сўнг тасвирчининг иш қуроллари бўлган ва Азаттиқ радиосига тегишли 1,5 миллион сўм, яъни тақрибан 21 минг долларлик техник воситаларни олиб қўйишган.

Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов халқ орасида Райим миллион деган ном билан машҳур бўлган.

Азаттиқ радиоси 29 майда Райимбек Матраимов коррупцияга аралашганлиги ва мамлакатдан юзлаб миллион доллар пулларни ноқонуний равишда олиб чиқиб кетгани тўғрисидаги журналистик суриштирувни эълон қилган эди.