Роскомнадзор Россияда Фергана ахборот агентлиги сайтини блоклаб қўйди. 1 октябрда хабар қилинишича, нашр Россия ҳудудида тарқатиш тақиқланган материаллар жойлаштирилган ресурслар рўйхатига киритилган.
Россияда рўйхатга олинган Фергана агентлиги Марказий Осиё давлатлари тўғрисидаги хабарларни тарқатади. Мазкур сайт ўз вақтида Ўзбекистонда ва Қирғизистонда ҳам тақиқланган эди. Кейинроқ бу тақиқ бекор қилинган.
2019 йилнинг апрелида эса Фергана мухбири Андрей Кудряшов Тошкентда аккредитациядан ўтказилганди.
Фергана нашри Роскомнадзордан сайтнинг блокланиши юзасидан расмий билдирув олинмаганини ва блоклаш сабаблари тўғрисида маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.
Фергана бугунги кунда Туркманистонда ҳам блок қилинган.