Ходорковский: Россия Европадан камида 60 йил ортда қолган

Михаил Ходорковский

ЮКОС компанияси собиқ раҳбари, россиялик тадбиркор Михаил Ходорковский Озодликка интервью бериб, Россия президенти Владимир Путин, Россия мухолифати ва мамлакатдаги муаммолар ҳақида ўз фикрларини сўзлаб берди.

1 октябрь куни Берлинда интервью берган Ходорковский Путинни “автократ” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Путин Россиядаги ва хориждаги сиёсатчиларга нима деса, маъқул келишини яхши билади.

Путиннинг ашаддий рақибларидан бири бўлган тадбиркор беш йилдан бери ўз ихтиёри билан чет элда яшамоқда. Ходорковский Путинни ҳокимиятдан четлатишни кўзлаб кўраётган чоралари доирасида “Россияда фуқаровий жамият гуруҳи” лойиҳасига асос солган.

Ходорковский Путин собиқ КГБ ходими ўлароқ АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони каби сиёсатчилар билан ўз муносабатларини самарали бошқарганини таъкидлади.

Тадбиркор Путиннинг энг кучсиз жиҳати институтларга ишонмаслигидир, деди. Унинг сўзларига кўра, Путин одамларни бошқара олишига ишонади, аммо институтларга ишонмайди.

Ходорковскийнинг фикрича, ривожланиш соҳасида Россия Европадан камида 60 йил ортда, Москва 1980 йилларда қолиб кетган.