Ироқ пойтахти Бағдоднинг ҳукумат бинолари ва хориж элчихоналари жойлашган Яшил ҳудудида 2 октябрь куни портлаш овозлари эшитилгани хабар қилинди.
Мазкур ҳудудга икки кундан бери давом этаётган норозилик намойиши иштирокчилари бостириб киришга ҳаракат қилаётган эди.
Полиция ва норозилар тўқнашуви оқибатида камида 9 одам ҳалок бўлди, 400 нафар одам яраланди. Бош вазир Адел Абдул Маҳди Бағдодда соат кечки 8дан бошлаб комендантлик соати жорий қилди.
Ироқнинг қатор шаҳарларида минглаб одамлар коррупция, ишсизлик, электр таъминотининг ёмонлиги ва сувнинг етишмаслигидан норози бўлиб намойишга чиқишган.
Ҳукумат норозиликлар ортидан Интернет ва ижтимоий тармоқларни блоклаб қўйгани айтилмоқда. Айни пайтда Носирия, Омара ва Хилда ҳам комендантлик соатлари жорий этилди.