Қирғизистоннинг Қизилқия ва Сулукта шаҳарларидаги иккита кўмир конида икки кун ичида кетма-кет юз берган фалокатларда олти нафар одам ҳалок бўлди.
Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, 6 октябрь куни тушдан кейин Қизилқиядаги кўмир конларидан бирида бахтсиз ходиса туфайли уч киши ҳалок бўлган. Расмийлар ҳодиса тафсилотлари ҳақида ҳозирча маълумот бермаяптилар.
Сулукта шаҳридаги ҳодиса эса 5 октябрда юз берган. Кўмир конида газдан заҳарланган беш одам касалхонага келтирилган. Улардан уч нафари хушига келмай вафот этган, қолган икки нафарининг аҳволи яхшилангани билдирилди. Вафот этганларнинг барчаси ака-укалар бўлган.
Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 2017 йилда конларда 26 ҳалокат юз берган ва уларда 24 одам вафот этган. 2018 йилда шахталарда қанча одам ҳалок бўлгани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.