Тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофоти америкалик ва британиялик олимларга берилди

Физиология ва тиббиёт бўйича 2019 йилги Нобель мукофоти ҳужайралар муҳитдаги кислород миқдорини сезиб, тегишли тарзда мослашишини аниқлаган икки америкалик ва бир британиялик олимга берилди.

7 октябрь куни Стокгольмда жойлашган Каролинска институти эълон қилган билдирувда Уильям Келин, Питер Рэтклиф ва Грегг Семенцлар “тирик ҳаётнинг энг муҳим мослашув жараёнлари механизмини кашф этгани” айтилади.

“Улар кислород даражаси қай йўсинда ҳужайра метаболизми ҳамда физиологик функциясига таъсир кўрсатишини тушунишимизга асос яратишди. Уларнинг кашфиётлари, шунингдек, анемия, саратон ва бошқа кўплаб касалликларга қарши янги стратегиялар учун йўл очди”, дейилади институт баёнотида.

Учала олим 9 миллион крон ($918,000 АҚШ доллари) нақд пул мукофоти билан тақдирланади.

Бу йилги мукофот 1901 йилдан бери физиология ва тиббиёт бўйича берилган 110-мукофот бўлди.

8 октябрда физика, унинг эртаси кимё бўйича бу йилги ғолиблар номлари эълон қилинади. Адабиёт бўйича мукофот 10 октябрда, Нобель-Тинчлик мукофоти эса 11 октябрь куни эълон қилинади.
Иқтисод бўйича Нобель мукофоти совриндори исми эса 14 октябрда эълон қилинади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини Швеция академияси, физика, кимё ва иқтисод бўйича мукофотларни Швеция Қирол фанлар академияси, Нобель-Тинчлик мукофотини эса Норвегия пойтахти Ослода жойлашган Норвегия Нобель қўмитаси топширади.