Янгиқўрғон ва Чортоқда қалбаки доллар сотувчилар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида қалбаки валюта сотиш билан шуғулланаётган шахслар қўлга олинди.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Наманган вилоят прокуратурасига қалбаки валюта сотувчилар ҳақида маълумот келиб тушган. Маълумотни текшириш доирасида махсус амалиёт ўтказилган.

Натижада Янгиқўрғон туманида 2000 долар қалбаки пулни олиб кетаётган уч шахс ушланди. Улар пулни Чортоқ туманида яшовчи Сардор исмли шахсдан 900 долларга сотиб олгани ва кейинчалик қайта сотиш ниятида эканлигига иқрор бўлишди.

Чортоқ туманида ўтказилган амалиётда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи шахс 1700 доллар қалбаки доллар билан ушланди. У ҳам бу долларларни Сардор исмли шахсдан сотиб олганини билдирди.

Тезкор ҳаракатлар ортидан аввал ҳам судланган Сардор қўлга олинган.

“Тергов жараёнида аниқланишича, бу ҳуқуқбузарликнинг яна бир иштирокчиси бор экан. У Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида яшовчи “Нурбек” исмли шахс бўлиб, мамлакатимиз ҳудудига ўтказган қалбаки купюраларни сотиш тўғрисида ўзаро жиноий режа тузган”, дейилади хабарда.

Бироқ Қирғизистон фуқаросига нисбатан қандай чоралар кўрилгани ёки кўрилаётгани тўғрисида маълумот берилмади.