ЕИ Ташқи ишлар идорасининг янги раҳбари: Европа ўз Шарқига катта эътибор қаратиши керак

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар идораси раҳбари этиб тайинланган Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар идораси раҳбари этиб тайинланган Жозеп Боррель Европа шарқи блок ташқи сиёсати кун тартибининг энг муҳим масалаларидан бири бўлиши керак, деб баёнот берди.

7 октябрь куни Брюсселда Европа Парламентининг ташқи ишлар қўмитаси олдида сўзлаган Боррель Европа ва Россия ўртасида кескинлашиб бораётган тангликни тилга олди ҳамда сўнгги ўн йил ичида дунёдаги аҳвол салбий жиҳатга ўзгарди деган фикрни билдирди.

Боррель Хитойнинг ошиб бораётган қудрати, Европа Иттифоқининг АҚШ билан келишмовчиликлари ҳамда тобора агрессивлашиб бораётган Кремль Европанинг халқаро майдондаги ролига босим ўтказаётганини таъкидлади.

Ҳозирда Испания ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаётган Боррель 15 дақиқага чўзилган нутқида Европа ўз чегарасидаги муаммоларни ҳал қила олмаси, глобал ўйинчи бўлиш орзусига эриша олмаслигини айтди.
Шу сабабдан Боррель илк расмий ташрифини Косово пойтахти Приштинага қилишини айтди. Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллик эълон қилган бўлиб, буни Испания ва яна тўрт Европа Иттифоқи давлати тан олмай келади.

Боррелдан аввал Европа Иттифоқи Ташқи ишлар идораси раҳбари лавозимида беш йил давомида Федерика Могерини ишлади.