Болалар боғчасига ҳомийлик қилган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади

Иллюстратив сурат.

Давлат болалар боғчасига ҳомийлик қилган тадбиркорлар солиқ имтиёзларига эга бўладилар.

Мактабгача таълим вазирлигининг 9 октябрда билдиришича, бу борада Вазирлар Маҳкамаси 3 октябрда 839-сонли қарорни қабул қилган.

Ҳужжатга асосан давлат мактабгача таълим ташкилоти билан бир йиллик шартнома тузиб, унга доимий ҳомийлик қилиб келган хайриячилар қуйидаги солиқ имтиёзларига эга бўладилар:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда харажатлар чиқариб ташланади;

товарларни (ишларни, хизматларни) текин бериш ҚҚС ва ЯСТга тортилмайди;

товарларни (ишларни, хизматларни) таннархидан паст нархда сотишда амалдаги сотиш нархидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС ҳисобга олинади.

Хайриячи хайр-эҳсон қилиш мақсади ва тартибини ўзи белгилайди. Ҳомийлик остидаги мактабгача таълим ташкилоти олинган маблағларнинг ҳисобини юритиши ва хусусий шерикга пул ва мулкдан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот юритиши шарт.