Косовода ҳукмронликка келган янги партия Сербия билан мулоқот ўрнатилишини билдирди

«Ветевендоше» партияси раиси Альбин Курти.

Косовода ўтказилган навбатдан ташқари парламент сайловида кўпчилик овозларни олган миллатчиларнинг «Ветевендоше» партияси раиси Альбин Курти Сербия билан алоқаларни “мустаҳкам мулоқот” ва “ҳамкорлик” асосида қуришини билдирди.

- Мулоқот Косово мустақиллигини тан олиш ва бу борада Серб конституциясига ўзгартишлар киритиш масаласини ҳам қамраб олмоғи зарур, - деди Альбин Курти 10 октябрда Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Альбин Курти Косоводаги миллий озчиликлар, жумладан, Косово серблари билан ҳам мулоқот ўрнатилишини билдирди.

Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллик эълон қилган бўлиб, буни Испания ва яна тўрт Европа Иттифоқи давлати тан олмай келади.

Косовода 6 октябрь куни навбатдан ташқари парламент сайловида «Ветевендоше» партияси 12 йил ҳукмронлик қилган Косово Демократик партияси устидан ғалаба қозонган эди.

Косово парламенти 120 депутатлик ўрнидан иборат. Парламентдаги 120 та ўриндан 10 таси этник серблар ва яна 10 таси этник турклар ва лўлилар учун ажратилади.