Эронда сўнгги 38 йилда биринчи марта аёлларга стадионда футбол кўришга рухсат берилди

Эрон-Камбожа ўйинини стадионда томоша қилаётган аёллар.

Эронда 1981 йилдан бери биринчи марта 10 октябрь куни футбол кўриш учун стадионга киришга рухсат берилди.

Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичи доирасида Эрон-Камбожа ўйинига аёлларга ҳам билет сотилди. Теҳрондаги стадионида ўтган ўйинда Эрон 14:0 ҳисобида ғалаба қилди.

Ҳуқуқ фаоллари бу воқеага турлича баҳо бермоқда. Масалан, Human Rights Watch билетлар ҳамма аёлларга эмас, балки ҳукуматга яқин бўлган доирадаги аёлларга сотилганини, 78 минг одам сиғадиган стадионга фақат уч ярим мингта аёлнинг киришига рухсат берилганини маълум қилди. Amnesty International эса бу воқеани “сурбетларча қилинган реклама", деб баҳолади.

Эронда аёлларга эркаклар иштирокидаги футбол матчларига кириш 1979 йилдаги Ислом инқилоби ортидан тақиқланган эди. Кейинги йилларда бундай норасмий тақиқ баскетбол ва волейбол мусобақаларига ҳам жорий этилмоқда.

Эронлик аёллар бундай мусобақаларга кириш учун кўпинча эркакча кийинишга мажбур бўладилар. Аммо назоратчилар буни фош этиб қолса, аёллар қаттиқ жазоланади.

29 яшар эронлик футбол ишқибози Саҳар Худоёрий жорий йилнинг 2 сентябрида суд биноси олдида устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган эди. Унинг ҳалок бўлгани Эронда ҳам, халқаро ҳамжамиятда ҳам кучли ижтимоий акс-садо берди.

Саҳар Худоёрийнинг ўз жонига қасд қилишига март ойида стадионда футбол мусобақасини томоша қилгани билан боғлиқ айбловлар сабаб бўлган эди.

Мазкур воқеадан сўнг Эрон ҳукумати аёлларни футбол мусобақасига киритишга ваъда берган.