Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City очилди, деб эълон берди (ВИДЕО)

Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда ) президент куёви Отабек Умаров билан

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City комплекси очилганини эълон қилди.

12 октябрь оқшомида Инстаграм тармоғига қўйилган видеода ҳоким Tashkent City халқ учун расман очилди, деди.

"Қадрли ва азиз халқимиз! Бугун Tashkent City’нинг очилиш кунида ўтирибмиз. Ҳаммангизни эртадан бошлаб Tashkent City’га келишингизни, Паркини кўриб, ҳордиқ чиқаришингизни, оилангиз билан мазза қилиб, Тошкентимизнинг кейинги этапдаги яна бир ютуғини кўришингизни тилаб қоламиз, таклиф қиламиз!

Бу — халқимиз учун. Бу жой — миллатимиз учун. Илоҳим, миллатимизга ушбу яхши жой буюрсин! Халқимиз келиб, яйрасин! Фарзандлари билан ўйнаб, кулсин! Ҳаммаси халқимиз, Ўзбекистон халқи учун ва азиз, меҳрибон миллатимиз учун!" – деди ҳаяжонга тўлиб, сўзлаган Тошкент ҳокими.

Бу видеобаёнот бироз ўтиб Инстаграм тармоғидан ғойиб бўлганига қарамай, ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурди.

Tashkent City комплекси қурилиши 2017 йилда бошланган, шаҳарча қуриладиган ҳудуддаги аҳоли уйларининг бузилиши эса 2016 йилда бошланган.

Комплекс Тошкентнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилмоқда. Унда бизнес марказлари, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилиши режаланган.

Айни пайтда бу лойиҳа доирасида режаланган бузилиш ва қурилишлар ҳануз давом этмоқда.

Озодлик ва қатор Ғарб нашрларида Ўзбекистондаги қурилишлар, хусусан, Tashkent City қурилиши ҳақидаги кўплаб танқидий мақолалар чоп этилган.

2017 йилнинг 18 октябрь куни Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам инглиз, ҳам ўзбек тилида чоп этган мақола "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланган мақола шулар жумласидандир.

Guardian Cities лойиҳаси доирасида ҳозирланган мақолада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июль куни қабул қилган «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган Tashkent City лойиҳасининг унга ажратилган ҳудудда яшаб келган оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган.