Трамп Эрдўғондан Суриядаги ҳарбий амалиётни тўхтатишни талаб қилди

АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ президенти Дональд Трамп 14 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон мулоқоти пайтида уни Суриядаги ҳарбий амалиётни зудликда тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Майк Пенс матбуотга маълум қилди.

Пенсга кўра, Трамп Эрдўғон билан қатъий оҳангда сўзлашган ва низолашаётган томонлар ўртасида воситачи бўлиш учун яқин кунларда минтақага сафар қилишини айтган.

"Қўшма Штатлар Туркиянинг Сурияга бостириб кирганига тоқат қила олмайди. Биз Туркияни муроса қилишга, зўравонликни тўхтатиб, музокаралар столига ўтиришга чақирамиз”, деди Майк Пенс.

Трамп, шунингдек, Туркияга нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Унга кўра, АҚШ Туркия билан юз миллиард долларлик савдо келишуви юзасидан музокараларни тўхтатади ва Туркия пўлатига божхона тўловини 50 фоизга кўпайтиради.

14 октябрда Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатлар Туркияга қурол сотишга эмбарго эълон қилди.

-Нидерландия Туркияга қурол сотишни тўхтатди. Бошқа бир қатор давлатлар ҳам мана шундай қарор қабул қилди,-деди Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок.