Жазони ижро этиш бош бошқармаси Навоийдаги колонияда 5 маҳкум очлик эълон қилганини изоҳлади

Иллюстратив сурат. Қизилтепа шаҳридаги №64/4- жазо ўташ колониясига бу суратнинг алоқаси йўқ.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси Навоий вилоятидаги 5-сон манзил-колониясида маҳкумларнинг очлик эълон қилганига изоҳ бериб, уларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

14 октябрда Озодлик Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси баёнотига таяниб, 10 октябрда №64/4- (64/(64/47) жазо ўташ колониясида сақланаётган маҳкумлардан 5 нафари ўзлари тушиб қолган вазиятга эътибор тортиш учун сиёсий очлик эълон қилгани тўғрисида хабар қилган эди.

ЖИЭББ маълумотларига кўра, 3 октябрь куни колонияда оғир ва ўта оғир жиноятлари учун жазони ўтаётган бир неча маҳкум ўрнатилган жазони ўташ тартибларини бузган ҳолда ишга чиқишдан бош тортади. «Натижада колония маъмурияти маҳкумларни колониянинг интизомий бўлинмага ҳайдаш кўринишидаги интизомий таъсир кўрсатиш бўйича қонуний чораларни кўрди», — дейилади хабарда.

Интизомий бўлинмада тушлик тарқатиш вақтида маҳкумлар таомни қабул қилишдан бош тортиб, буни уларга нисбатан интизомий чоралар кўрилганига норозилик сифатида намойиш этишади. «Тушунтириш ишлари ўтказилганидан сўнг маҳкумлар билан боғлиқ вазият ҳал этилди», — дея қайд этди ЖИЭББ.

«Мазкур ҳолатда колония маъмурият қонунчилик нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ҳаракат қилди, маҳкумларга нисбатан жисмоний ёки руҳий босим қўлланилмади», — дея таъкидлади ЖИЭББ.

Мазкур колонияда жазони ўтаётган маҳкумлар томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари аниқланмади, дея маълум қилди бошқарма.