Комил Алламжонов Жаҳонгир Отажоновни лицензиясиз ҳам тинглайверишини билдирди

Комил Алламжонов

Жаҳонгир Отажоновнинг қўшиқларини оилам ва фарзандларим билан яхши кўриб тинглайверамиз! Бунинг учун шахсан бизга лицензия керак эмас!

Бу фикрини Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов ўзининг фейсбукида эълон қилди.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонанда Жаҳонгир Отажонов номига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган АА-серияли, 7422-сон лицензиянинг амал қилиши 2019 йил 14 октябрь кунидан тугатилганини хабар қилган эди.

Ўз қарорини изоҳлар экан, "Ўзбекконцерт" 14 октябрь кунги баёнотида буларни ёзган:

"Cўнгги вақтларда Жахонгир Атажанов масъулиятни бироз унутиб қўйди, десак хато бўлмайди. Жорий йилнинг май ойи яъни муборак Рамазон ойида ижтимоий тармоқларда хонанда Жахонгир Атажанов томонидан санъаткор одобига, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар кузатилганди. Бу шунчаки ўзини кўз-кўз қилиш мақсадидами ёки бошқа мақсаддами, барибир ижтимоий тармоқлардаги бундай кўриниш ёшлар орасида, жамоатчилик ўртасида санъат аҳли тўғрисида салбий фикр уйғотмасдан қолмаган эди".

Ўзбекистонда бир давлат идораси раҳбарининг ўзи каби бошқа бир раҳбар қарори юзасидан фикр билдириши кузатилмас эди. Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжоновнинг "Ўзбекконцерт" қарори юзасидан фикри очиқ танқид бўлмасада, ҳатто шу шаклда ҳам камдан-кам учрайдиган ҳодисадир.