Назарбоевнинг набираси полицияга қилган ҳужуми учун шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ойсултон Назарбоев.

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Буюк Британияда яшаётган набираси - 28 ёшли Ойсултон Назарбоев маҳаллий суд томонидан Лондонда полицияга қилган ҳужуми учун шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум қилинди. ВВС хабарига кўра, у жамоат ишларига жалб қилинган.

"Назарбоев гиёҳванд моддалар таъсирида 5 июнь куни Ковент-Гарден туманида полиция ходимига ҳужум қилганликда, уларни уриб ва улардан бири Росс Сэмбрукни тишлаб олганликда айбдор, деб топилди”, дейилади суд қарорида.

Ҳодисадан икки кун муқаддам кичик Назарбоев Лондондаги International Park Plaza Hotel меҳмонхонасининг балконига чиқиб, ўз жонига қасд қилиш билан пўписа қилган. Полиция ундай қилмасликка уни кўндирган. Кейинроқ Қозоғистон собиқ президентининг набираси хонада баланд овозда бақира бошлаган ва қўшнилар полиция чақирган.

Суд ҳукмига кўра, Ойсултон Назарбоев гиёҳванд моддаларга мубталоликдан даволанишда давом этиши ва камида 20 марта шифокор қабулига бориши керак. Шунингдек, унга 18 ойлик синов муддати, 140 соатлик жамоат ишларига жалб этиш, 1 минг фунтлик жарима ва хонага етказилган 5 минг фунтлик зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган. Агар синов муддати даврида Назарбоев қонунни бузгудек бўлса, шартли ҳукм ҳақиқийга айланади.

Британия нашрлари хабарига кўра, Ойсултон Назарбоевни Буюк Британиядан депортация қилиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган.

Ойсултон Назарбоев Қозоғистон собиқ президентининг катта қизи, Сенат спикери Дариға Назарбоеванинг ўғлидир. У 2017 йили гиёҳванд моддаларга мубтало бўлганини тан олган ва гиёҳвандликдан уни айнан бобоси “қутқарган”ини урғулаган. Тақиқлаган препаратларга Назарбоевнинг набираси, ўз эътирофича, бобоси академик Мухтор Алиевнинг вафоти ва Австрия қамоқхонасида отаси Роҳат Алиев ўз жонига қасд қилганидан кейин ружу қўйган.