Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг ваколатлари янада кенгайди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев республика биринчи президенти, Хавфсизлик кенгаши раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг ваколатлари янада кенгайтиришга оид фармон имзолади.

Фармон хукумат амалдорлари ва бошқа раҳбарларни, жумладан, шаҳар ва вилоятлар бошлиқларини тайинлаш, шунингдек, айрим вазирлик ва муассасалар устидан назорат имкониятига тааллуқлидир. Ҳужжат Қозоғистон норматив ҳуқуқий актлар ахборот-хуқуқий тизимига жойлаштирилди. Фармонга кўра, эндиликда Қозоғистон президенти барча вазирларни (ТИВ, ИИВ ва Мудофаа вазиридан ташқари) Назарбоев билан келишганидан кейингина тайинлайди.

Шунингдек, президентга бевосита бўйсунадиган ва унга ҳисоб берадиган идораларнинг раҳбарлари ҳам Хавфсизлик кенгаши раҳбари билан келишганидан кейингина тайинланади. Булар Президент администрацияси, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Миллий банк, Республика гвардияси, Ташқи разведка хизмати, Президентни қўриқлаш хизмати, Республика бюджети ижроси устидан назорат ҳисоб қўмитаси, Президент ишлари бошқармаси.

Қозоғистон президенти вилоят, республика аҳамиятига молик шаҳарлар, Қозоғистон пойтахти Нур-Султон раҳбарларини тайинлашда ҳам Хавфсизлик кенгаши раҳбари билан келишиб олиши керак. Фармон билан Хавфсизлик кенгаши котибини тайинлаш регламентига ҳам ўзгартиш киритилган: эндиликда котиб Назарбоев билан маслаҳатлашилганидан кейингина тайинланади. Авваллари бу лавозимга масъул мулозимни президент ўз администрацияси тавсиясига биноан тайинларди.

79 ёшли Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг 19 март куни Қозоғистон президенти лавозимидан истеъфога чиқди, аммо ўзида мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини сақлаб қолган.

2019 йил июнида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Қозоғистоннинг янги президенти этиб сенат собиқ спикери Қасим-Жомарт Тоқаев сайланди. Аммо унинг мазкур фармони кадрлар масаласидаги асосий қарор ҳамон Назарбоев томонидан қабул қилинишини кўрсатмоқда. Хавфсизлик кенгаши раислигидан ташқари Назарбоев хукмрон "Нур Ўтан" партияси раислигини ҳам ўзида сақлаб қолган.

Айрим экспертларнинг фикрича, Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамон собиқ президент Нурсултон Назарбоев “таъсири остида” қолмоқда ва мустақил равишда сиёсий қарорлар қабул қила олмаяпти.