Афғонистон шимолида Толибон ҳужумида 15 нафар полициячи ҳалок бўлди

Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятида содир бўлган тўқнашувда 15 нафар полиция ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят кенгаши аъзоси Ғулом Раббоний Раббоний билдирди.

Унинг сўзларига кўра, полиция ходимлари 22 октябрь куни Алиобод туманида Толибон амалга оширган ҳужум натижасида ҳалок бўлган.

Толибон матбуот котиби ҳужумни гуруҳ амалга оширганини тасдиқлади.

Кейинги ҳафталарда Афғонистон ҳукумати кучлари Қундуз вилоятининг Дашти Арчи ҳамда Имом Соҳиб туманларида Толибон билан тўқнашиб келади.

Хабарларга кўра, Толибон жангарилари Қундуз вилоятининг бир неча туманини қўлга олган. Гуруҳ вилоят пойтахти Қундуз шаҳрини 2015 йилда босиб олиб, икки ҳафта бошқариб турган эди.

Толибон Афғонистон ҳудудининг деярли ярмини қўлга олган бўлиб, жорий йилда мамлакат хавфсизлик кучларига қарши қатор ҳужумларни амалга оширди. Тўқнашувларда юзлаб оддий фуқаро ҳам ҳалок бўлди.