Тожикистонда террор ташкилоти собиқ раҳбарининг ўғиллари узоқ муддатга қамалди

Тожикистон Олий суди “Жамоати Ансоруллоҳ”нинг собиқ раҳбари, “Домулло Амриддин” номи билан танилган Амриддин Табаровнинг икки ўғлини узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилди.

Табаровларнинг яқинлари ва адвокатларидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Амриддин Табаровнинг икки ўғли ўтган йили Афғонистондан Тожикистонга экстрадиция қилинган эди. Олий суд вакилининг Озодлик радиоси тожик хизматига 22 октябрь куни маълум қилишича, Домулло Амриддиннинг икки ўғлига нисбатан ҳукм 29 августда чиқарилган, аммо бу маълумот эндигина очиқланмоқда.

Манбага кўра, Абдулфаттоҳ Табаров 23 йил ва Саиджамолиддин Табаров эса 16 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Бошқа бир манбанинг айтишича эса, уларнинг ҳар иккиси жиноий тўда ташкил қилиш, конституцион ҳукуматни куч билан ағдариб ташлашни очиқчасига тарғиб қилиш, қонунга зид равишда қурол сақлашда айбдор, деб топилган. “Тергов ва судда улар 2009 йилдан бери оталарини кўрмаганларини ва у ҳақда ҳеч нарса билмасликларини айтишди. Катта ўғил қурол яширилган махфий жойни кўрсатди”, дейди манба.

Ака-ука Табаровлар ўзларига қўйилган айбловларни тан олган-олмагани маълум эмас.

Тожик жангарилари томонидан ташкил этилган “Жамоати Ансоруллоҳ” террор ташкилоти 1990-йиллар бошларида Покистонда пайдо бўлган ва Амриддин Табаров бошчилигида аста-секин Афғонистонга ўта бошлаган.

Тожикистон Олий суди 2012 йилнинг май ойида гуруҳни террорчилик ташкилоти, деб эълон қилган. 2013 йилдан бошлаб бу гуруҳнинг ўнлаб аъзоси қамалган.

Гуруҳ лидери Амриддин Табаровнинг ўғиллари Саиджамолиддин ва Абдуфаттоҳ америкалик ҳарбийлар томонидан 2009 йили қўлга олинган. Экстрадиция қилингунларига қадар улар Баграмдаги қамоқхонада ушлаб турилган. Кобулдан 50 километр наридаги Бағром қамоқхонаси АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқилиши тўғрисидаги шартнома доирасида 2013 йили афғон расмийлари назоратига ўтган.

2016 йили The Washington Post нашри Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълумотига таянган ҳолда Саиджамолиддин ва Абдуфаттоҳ Табаровларнинг қамоқ муддати тугагани, бироқ улар Тожикистонга қайтишдан воз кечаётгани ва Бағромда қолишни афзал кўришаётганликлари борасида маълум қилган эди.

Айрим маълумотларга қараганда, ака-ука Табаровлар Тожикистондан Эронга ўтишган ва у ердаги мадрасалардан бирида диний таълим олишган ҳамда у ердан Афғонистонга қайтишган. Уларнинг Афғонистонга нима мақсадда ўтгани маълум эмас, аммо оталари Тожикистонга “жиҳод” билан қайтиши борасида таҳдид қилган эди.

ИИВ маълумотларига кўра, Амриддин Табаров 2016 йилда Афғонистонда ўтказилган махсус амалиёт вақтида ўлдирилган.