Сочида Африка давлатлари етакчилари иштирокида саммит бўлиб ўтмоқда

Икки кунлик саммитни Россия президенти Владимир Путин ҳамда Миср президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сиси (чапда) очиб берди.

23 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида Африканинг бир неча давлати етакчиси иштирокида саммит бўлиб ўтмоқда. Саммит Россия бошқа қудратли давлатлар қатори қитъада ўз таъсирини оширишга уринаётган бир пайтда уюштирилди.

Икки кунлик саммитни Россия президенти Владимир Путин ҳамда Миср президенти Абдул Фаттоҳ ал-Сиси очиб берди. Сиси Африка Иттифоқининг жорий етакчисидир.

Кремль тарқатган маълумотларга кўра, саммитда 43 давлат етакчиси қатнашади. Путин 13 давлат раҳбари билан икки тарафлама музокара ўтказишни режалаштирмоқда.

Ғарб давлатлари ва Хитой аллақачон Африкада салмоқли таъсирга эга. Эндиликда Россия ва Ҳиндистон каби давлатлар улар сафига қўшилишга ҳаракат қила бошлади.

Совет даврида Москва Африкада муҳим ўйинчи бўлган, аммо СССР парчаланиб кетганидан кейин, ўз таъсирини йўқотган.
Кейинги 20 йил ичида Хитой қитъага бир неча ўн миллиард сармоя ётқизиб, йирик ўйинчига айланди.