Чўл тошбақаси “Қизил китоб”га киритилди

Иллюстратив сурат.

Ўрта Осиё чўл тошбақасининг сони ҳам яшаш жойларининг ўзгариши ва йўқ қилиниши туфайли узлуксиз камайиб бормоқда. Шу туфайли чўл тошбақаси Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилди.

Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда тошбақанинг табиий яшаши учун яроқсиз ва ўзлаштирилган ҳудудларнинг умумий майдони 300 минг квадрат километрни ташкил этади. Манбаларда келтирилишича, сўнгги 60 йил мобайнида хўжалик фаолияти юритилиши натижасида тошбақанинг яшаш жойлари 1,5 миллион гектарга қисқариб кетган.

“Бугунги кунга келиб мазкур турнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг янги нашрига киритилди. Аммо Тошкентнинг Янгиобод, Чорсу ва бошқа бозорларида тошбақалар очиқ сотилмоқда. Айниқса болалари. Аксарият ҳолатда уларни ўйинчоқ сифатида фарзандига сотиб олиб беришади, кейин эса боқолмай ташлаб юборишади. Фикримизча, зудлик билан ёввойи ҳайвонлар савдосини назоратга олиш, сотувчини ҳам харидорни ҳам жазога тортиш лозим” , дейилади хабарномада.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси ўтган асрнинг биринчи ярмидан камая бошлаган. Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ўрта Осиё тошбақаси гўштидан кўп миқдорда консервалар тайёрлашда фойдаланилган. 1950–1960 йилларда тошбақа, асосан, иқтисодий эҳтиёжлар учун йиғилган, бироқ очиқ даштда қишлоқ хўжалиги ривожланиши турларнинг яшаш жойлари ва сони сезиларли даражада камайишига олиб келган.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси (Agrionemys horsfieldii) заиф, ҳимояга муҳтож тур сифатида Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи (ТМХИ)нинг Қизил рўйхатига киритилган. Охирги 18 йил давомида қонуний ва ноқонуний равишда жами 1 миллион 254 минг 100 дона тошбақа табиатдан олинган ва экспорт қилинган.