Россия суди жосусликда айбланаётган америкаликни ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтирди

49 ёшдаги Пол Уилан 2018 йилнинг декабрида жосусликда айбланиб, Москвада қўлга олинган.

Россия суди жосусликда айбланаётган америкалик собиқ денгиз ҳарбийси Пол Уиланни ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтирди.

Суд жараёни давомида Уилан қамоқхона соқчиларидан бири унга қурол билан таҳдид қилганини айтди.

24 октябрь куни Москва шаҳрининг Лефортовский тумани суди Уиланни 29 декабргача ушлаб туришни буюрди.

Суд жараёни давомида Уилан судья ҳамда прокурор унинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги шикоятларига кўз юмиб келаётганини айтиб, уларнинг ишни кўришдан четлатилишини сўради. Аммо унинг илтимоси бажарилмади.

Уилан суд залига қўлбола плакат билан келди. Унда “Россия жосуслик миссиясидаги Жеймс Бонд қўлга олганини айтмоқда. Аслида улар таътилга келган Жаноб Бинни ўғирлаб кетишди!” деб ёзилган эди.

“Менинг инсон ҳуқуқларим бузилмоқда, ҳаётимга таҳдид солишмоқда, тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти, ашёларимни ўғирлашяпти. Жосуслик қилганимни кўрсатувчи исбот тақдим этилгани йўқ, чунки бунақа исботнинг ўзи йўқ!”

49 ёшдаги Уилан Канада, Ирландия ҳамда Британия фуқаролигига ҳам эга. У 2018 йилнинг декабрида жосусликда айбланиб, Москвада қўлга олинган.