ЖБ туркман газини Европага етказиб бериш бўйича Ашхобод билан музокарага тайёр

Жаҳон банки Туркманистон билан Европага табиий газ етказиб бериш масаласини муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда 22 октябрь куни Ашхободда Жаҳон банкининг нефть ва газ бўйича бош эксперти Александр Хуурдеман маълум қилди, дея хабар беради Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги.

“Туркманистон нефть ва гази - 2019” халқаро конференциясида чиқиш қилган Хуурдеман табиий газ захираси бўйича Туркманистон жаҳонда тўртинчи ўринда туриши ва қазиб олинадиган газнинг асосий қисми Хитойга экспорт қилинишини урғулаган.

Экспертга кўра, туркман газини Европага етказиш масаласи бир неча бор муҳокама қилинган, аммо бу иш ҳеч амалга ошмаган. Унинг қайд этишича, Каспий ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенциянинг имзоланиши ва 2020 йилда Жанубий газ йўналиши ташкил этилиши билан туркман газини ЕИга етказиб бериш реалликка яқинлашади.

22-24 октябрь кунлари Ашхободда бўлиб ўтган конференция ва кўргазмада Озарбайжон, Беларусь, Буюк Британия, Жанубий Корея, Хитой, Латвия, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Сингапур, АҚШ, Туркия ва Япония ширкатлари иштирок этди.

Туркманистон табиий газини Европага етказишга бир неча бор қизиқиш билдирган, бироқ 20 йилдан буён туркман газини Европа бозорларига етказиш масаласи муҳокамалардан нарига ўтмаяпти. Транскаспий газ қувури Туркманистон ва Қозоғистондан Озарбайжон орқали Туркия ва Грузиягача ва ундан кейин Европа Иттифоқи мамлакатларига қадар қурилиши режалаштирилмоқда. Бу қувур орқали бир йилда Европага 10 дан 30 млрд кубометрга қадар туркман газини етказиб бериш имконияти пайдо бўлади.